Импорт
img

I. Ташқи савдо шартномаси бўйича миллий валютани харижий валютага конвертация қилиш орқали импортга тўловни амалга ошириш

1. “Валютани тартибга солиш тўғриси”даги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (https://lex.uz/docs/-456283) 15-моддасига мувофиқ, ташқи савдони, бошқа жорий фаолиятни юритиш, шу жумладан хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) муносабати билан тўланиши лозим бўлган барча тўловлар жорий халқаро операциялар жумласига қуйидагилар киради.

жорий халқаро операциялар ҳамда улар билан боғлиқ ҳолда чет эл валютасини резидентлар ва норезидентлар томонидан сотиб олиш ёки сотиш чекловларсиз амалга оширилади.

Қонунининг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 20 апрелдаги ПФ-837-сон Фармони билан тасдиқланган “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида”ги низомнинг (https://lex.uz/docs/196027) 12-бандига асосан, импорт қилинаётган товарларга ҳақ тўлаш корхонанинг Ўзбекистон Республикасида унга хизмат кўрсатадиган тижорат банкдаги ҳисобварақғидан амалга оширилиши керак.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил

14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш

ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг (https://lex.uz/docs/4812419) 4-бандига мувофиқ, ташқи савдо контрактларида қуйидаги асосий бўлимлар ва маълумотлар бўлиши керак:

а) Муқаддима. Контрактнинг кириш қисмида контрактнинг тартиб рақами, контракт тузилган жой ва сана, юридик шахсларнинг тўлиқ номи, контрактни тузган шахсларнинг лавозими, фамилияси ва исми. Агар шахс контрактни ишончнома асосида тузса, бу контрактнинг муқаддимасида кўрсатилади ва ушбу ишончнома контрактга илова қилинган ҳолда унинг ажралмас қисми ҳисобланади;

ташқи савдо контрактини тузган томон - харидор билан ушбу контракт бўйича тўловни амалга оширувчи ёки товар (иш, хизмат) қабул қилиб олувчи томон фарқ қилса, шунингдек, ташқи савдо контрактини тузган томон - сотувчи билан ушбу контракт бўйича товарни жўнатувчи (ишларни бажарувчи, хизматлар кўрсатувчи) томон фарқ қилса, контрактда улар алоҳида кўрсатилиши лозим;

б) Контрактнинг мавзуси. Ушбу бўлимда товарлар, ишлар ва хизматларнинг номи, шунингдек битишув тури кўрсатилади. Товарнинг номи билан биргаликда унинг тавсифи ҳамда миқдори ва сифати бўйича ассортименти кўрсатилади.

Бунда товарнинг умумий қабул қилинган халқаро стандартлари, Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи товар (хизмат) стандартлари, шунингдек, хусусияти бўйича унинг типи, модели, маркаси, нави, тури ҳам кўрсатилиши лозим.

Товарнинг миқдори ўлчовларнинг метрик тизимида қабул қилинган халқаро бирликларда ифодаланади. Ўлчов бирлигини аниқлашга Ўзбекистон Республикасида тасдиқланган миқдорларини белгилаш ва қўллаш тартибига мувофиқ йўл қўйилади.

Товарнинг сифат тавсифи товардан фойдаланиш учун унинг яроқлилигини акс эттирувчи хоссалар жамини белгилайди. Шунингдек, ТИФ ТН бўйича товарнинг кодига ҳавола ҳам зарур.

Машиналар, асбоб-ускуналар ва технологик линияларни етказиб бериш учун контрактда уларнинг янгилиги ёки улардан фойдаланганлиги ҳолати кўрсатилади (фойдаланилганлари учун - эскириш фоизи ёки фойдаланиш муддати);

в) Етказиб беришнинг базис шартлари ("Инкотермс" халқаро қоидалари бўйича).

"Инкотермс"дан фойдаланилганда етказиб бериш жойи (темир йўл станцияси, порт, аэропорт ва бошқаларнинг номи) кўрсатилиши керак (қисқартирилган сўзларнинг бош ҳарфлари билан биргаликда);

г) Товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш муддати ёки санаси кўрсатилади.

Товар етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш контрактларига мувофиқ товар етказиб берувчи - сотувчи, ишларни бажарувчи ва хизматлар кўрсатувчи томонидан шартлашилган муддатларда товарни етказиб бериш, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатишнинг охирги муддати тушунилади;

д) Контрактнинг умумий суммаси, товарнинг ўлчов бирлигидаги нархи кўрсатилади.

Товарнинг ўлчов бирлиги ТИФ ТНдаги ўлчов бирлигига мувофиқ белгиланади.

Контрактнинг умумий суммаси сотилаётган товар, ишлар ва хизматларнинг қийматини англатади. Ишларни бажаришга ва хизматлар кўрсатишга контрактни тузиш пайтида контракт суммасини белгилаш имкони бўлмаган ўзига хос контрактлар тузилган тақдирда контрактнинг умумий суммаси кўрсатилмайди.

Етказиб берувчилар томонидан монтаж ва (ёки) ишга тушириш-созлаш ишлари амалга оширилишини, улар томонидан ходимларни ўқитиш хизматлари ва бошқа хизматлар кўрсатилишини, роялти тўланишини назарда тутувчи асбоб-ускуналар, қурилмалар, механизмлар, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар харид қилишга (сотишга) ташқи савдо контрактлари бўйича контрактларда (спецификацияларда) бажариладиган ишлар, кўрсатиладиган хизматлар ва роялти суммаси алоҳида кўрсатилади;

е) Тўлов шартлари. Контрактдаги тўлов шартларида валюта, тўлов шакли ва муддати белгиланади. Ташқи савдо контрактлари ва инвойсларда тўлов валютаси томонлар ўртасидаги келишувга асосан белгиланади. Агар тўлов валютаси контракт валютасидан фарқ қилса, у ҳолда валютани қайта ҳисоблаб чиқиш курси ва ушбу курсни аниқлаш манбаи кўрсатилади;

ж) Товарнинг келиб чиқиши, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи. Контрактда етказиб берилаётган товар келиб чиққан мамлакат ва ишлаб чиқарувчи, шунингдек, ишларни бажариш ва хизматлар кўрсатиш жойи (мамлакати) кўрсатилади;

з) Томонларнинг жавобгарлиги. Қабул қилинган мажбуриятларнинг томонлар томонидан бажарилишини таъминловчи шартлар сифатида контрактда, қоидага кўра, контракт мажбуриятлари бажарилмаганлиги ёки зарур даражада бажарилмаганлиги учун томонлар тўлайдиган пеня ва/ёки жарима шаклидаги жавобгарлик назарда тутилади. Айбдор томонга зарар кўрган томоннинг талабига кўра неустойка тўлаш мажбурияти юкланади;

и) Томонларнинг реквизитлари. Контракт матнида томонларнинг реквизитлари кўрсатилади. Почта реквизитлари, манзил, банк ва юклаб жўнатиш реквизитлари кўрсатилади;

к) Бартер контрактларида импорт товарларни жадал етказиб беришни ёки муқобил банк кафолатлари тақдим этишни назарда тутувчи шартлар мажбурий тартибда ҳисобга олинади;

л) Ташқи савдо контрактининг матни давлат тилида ёки томонларнинг келишувига кўра бошқа тилда баён қилиниши керак. Бунда, ташқи савдо контракти давлат тилидан бошқа тилда тузилган бўлса, ушбу контракт матни давлат тилига таржима қилиниши ва белгиланган тартибда тасдиқланиши керак.

4. “Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари”нинг (рўйхат рақами 3281, 2020 йил 31 август) (https://lex.uz/docs/4975566) 23-бандига асосан, хўжалик юритувчи субъектлар чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун хизмат кўрсатувчи банкка буюртма тақдим этадилар. Бунда буюртма шакли банк бошқаруви томонидан тасдиқланади ва унда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши шарт:

мижоз номи;

валюта тури ва суммаси;

сотиб олиш ёки сотиш курси.

Чет эл валютасини сотиб олиш учун тақдим этиладиган буюртмаларда қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар ҳам кўрсатилади:

чет эл валютасини сотиб олиш мақсади;

валюта операцияларини асословчи ҳужжатлар.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ёки сотиш учун буюртмалар хизмат кўрсатувчи банкларга масофавий хизмат кўрсатиш тизимлари орқали электрон кўринишда ҳам тақдим қилиниши мумкин.

Буюртмада қайд этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик мазкур буюртмани тақдим этган хўжалик юритувчи субъект зиммасига юклатилади.

Чет эл валютасидаги кредит ва лизингларга хизмат кўрсатиш, хорижий инвесторлар фойдаси, дивиденд ва бошқа даромадларни репатриация қилиш мақсадида чет эл валютасини сотиб олишда, хизмат кўрсатувчи банклар ушбу операцияларнинг ҳаққонийлигини тасдиқловчи қўшимча ҳужжатларни талаб қилишга ҳақлидир.

Экспорт
img

II. Экспорт контракти тузмасдан инвойслар орқали товарларни экспорт қилиш

1. “Валютани тартибга солиш тўғриси”даги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (https://lex.uz/docs/-456283) 15-моддасига мувофиқ, ташқи савдони, бошқа жорий фаолиятни юритиш, шу жумладан хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш) муносабати билан тўланиши лозим бўлган барча тўловлар жорий халқаро операциялар жумласига қуйидагилар киради.

жорий халқаро операциялар ҳамда улар билан боғлиқ ҳолда чет эл валютасини резидентлар ва норезидентлар томонидан сотиб олиш ёки сотиш чекловларсиз амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1994 йил 20 апрелдаги ПФ-837-сон Фармони билан тасдиқланган “Экспорт-импорт операциялари бўйича валюта назорати тўғрисида”ги низомнинг (https://lex.uz/docs/196027) 9-бандига асосан, корхоналар юклаб жўнатилган товарлар ва кўрсатилган хизматлар учун тушумлар уларнинг ҳисобварақларига ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушиши учун жавобгардирлар.

Бунда ўзбекистонлик экспорт қилувчилар томонидан олинган тушумни бошқа юридик шахслар фойдасига трансферабель аккредитивлар ва бошқа тўлов ҳужжатларини қўллаш йўли билан қайта бериш тақиқланади..

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил

14 майдаги 283-сонли қарори билан тасдиқланган “Ташқи савдо операциялари амалга оширилиши мониторингини олиб бориш

ва назорат қилиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг (https://lex.uz/docs/4812419) 6-бандига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларга товарларни (ишлар ва хизматларни) экспорт ва импорт контрактларини тузмасдан, инвойслар асосида экспорт ва импорт қилишга, шунингдек, ушбу инвойслар бўйича тижорат банклари орқали хорижий шериклар билан ўзаро тўловларни амалга оширишга рухсат этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ташқи савдо фаолиятини янада эркинлаштириш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида" 2017 йил 3 ноябрдаги ПҚ-3351-сон қарорига иловада келтирилган товарларни экспорт қилиш ҳоллари бундан мустасно.

Бунда экспорт товарлари, ишлар ва хизматлар хўжалик юритувчи субъектларнинг Ўзбекистон Республикаси банкларидаги ҳисобварақларига олдиндан тўлов 50 фоиз тушгандан сўнг амалга оширилиши, импорт товарлари, ишлар ва хизматлар эса улар бўйича тўловлар хорижий шерикка ўтказилмасдан аввал амалга оширилиши лозим.

ВАШ
img

III. Жисмоний шахслар томонидан валюта айирбошлаш амалиётларини амалга ошириш

1. “Валютани тартибга солиш тўғриси”даги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (https://lex.uz/docs/-456283) 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида резидентлар ва норезидентлар томонидан чет эл валютасини сотиб олиш ҳамда сотиш фақат Ўзбекистон Республикаси банклари орқали амалга оширилади.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил

2 сентябрдаги “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5177-сон Фармонининг

(https://lex.uz/docs/3326421) 2-бандига асосан, жисмоний шахслар чет эл валютасини тижорат банклари орқали эркин сотиши ва сотиб олиши ҳамда сотиб олинган маблағларни ҳеч қандай чекловларсиз тасарруф этиши мумкин.

3. “Ўзбекистон Республикасида валюта операцияларини амалга ошириш қоидалари”нинг (рўйхат рақами 3281, 2020 йил 31 август)

(https://lex.uz/docs/4975566) 32-бандига асосан, тижорат банклари томонидан жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операциялари чекловларсиз амалга оширилади.

Норезидент жисмоний шахсларга чет эл валютасини сотиш улар томонидан республика ҳудудида миллий валюта маблағларининг қонуний манбалардан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилганда амалга оширилади. Бунда операция суммаси тақдим этилган ҳужжатларда кўрсатилган сумма миқдоридан ошмаслиги лозим.

Қоидаларнинг 33-бандига мувофиқ, тижорат банклари жисмоний шахслар билан валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширишда Марказий банкнинг Банклараро ягона электрон тизимидан фойдаланадилар.

Банклараро ягона электрон тизимидан фойдаланиш учун тижорат банклари валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи чакана амалиётлар кассалари, банк хизматлари офислари, банкларнинг тегишли таркибий бўлинмалари ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларининг жойлашган жойи (почта манзили) кўрсатилган ҳолда Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармасига маълумот тақдим этади.

Марказий банкнинг тегишли ҳудудий Бош бошқармаси тижорат банклари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида валюта айирбошлаш операцияларини амалга оширувчи чакана амалиётлар кассалари, банк хизматлари офислари, банкларнинг тегишли таркибий бўлимлари ҳамда валюта айирбошлаш шохобчаларини рўйхатга олади ва Банклараро ягона электрон тизимига киритиш учун тегишли маълумотни Марказий банкк тақдим этади.